30–31 октября, 2015
Ҳозирги замон глобаллашув шароитида бир қатор умумбашарий муаммоларнинг пайдо бўлиши, табиийки бутун дунё халқларини ташвишга солмоқда. Ижтимоий –иқтисодий, экологик хавф – хатарлар билан бир қаторда яна бир жиддий хавф борки, бу ҳам бўлса, четдан миллийликка ва миллатга мутлақо ёт бўлган, маънавий ва ахлоқий тубанлик иллатларини ўз ичига олган “ оммавий маданият” нинг кириб келишидир. “Оммавий маданият”нинг зарарли таъсири кундалик ҳаётимизга тезкорлик билан кириб келмоқда ва турли кўринишларда фуқароларимиз, айниқса ёшларимиз дунёқарашини эгаллашга интилмоқда. Ҳозирги замон тадқиқотчиларининг фикрича, “оммавий маданият”нинг замирида тижорат ва моддий манфаатлар ётади. Ўтмишда давлатлараро савдо-сотиқ жараёнида ўзга мамлакатларга олиб келинаётган турли моллар билан бирга, шу мамлакатда яшайдиган халқларининг маданияти ва урф-одатлари кириб келган. Мустамлакачилар ҳам шу йўсинда ўз қадриятлари ва мафкураларини колонияларда ўрната бошлаганлар. Илгари ғоялар савдогарлар ва миссионерлар томонидан бошқа мамлакатларга киритилган бўлса, бугунги кунга келиб, бу вазифани товарнинг ўзи бажармоқда. Бу ҳолатни чет давлатларда ишлаб чиқарилган, турли ажнабий “қаҳрамонлар” сурати туширилган товарлар, мультфильм ва бадиий фильмлар, уяли телефонлардаги турли мусиқалар, компьютер ўйинлари ва ҳоказоларда кузатиш мумкин.