ШОМОНЛИК ЭВОЛЮЦИЯСИ ВА УНИ ТАДҚИҚ ҚИЛИШ МЕТОДОЛОГИЯСИНИНГ АЙРИМ ЖИҲАТЛАРИГА ДОИР

  Бахтиёр Халмуратов (Наманган, Узбекистон) |    Скачать статью

Диннинг илк шакллари орасида шомонлик алоҳида ўрин эгаллайди. Шомонлик, ибтидоий уруғдошлик динларидан фарқли ўлароқ, қабила уюшмалари бирлашаётган даврда шаклланиб, ижтимоий онгнинг уруғ-қабила шакллари билан боғланади. Хусусан, “варварчилик” деб аталмиш ижтимоий-уруғчилик даврининг охирида қабила яхлит, жипслашган гуруҳга айланиб, қабилалар орасидаги алоқалар мустаҳкамланади, умумқабила ҳокимият органлари: қабила кенгаши, қабила сардорлари, ҳарбий саркорлар шаклланади. Ижтимоий ҳаётнинг бундай шаклига маънавий нуқтаи назардан диннинг илк шаклларининг беш тури тўғри келган. Булар – шомонлик, нагуализм, махфий бирлашмалар, сардорларга сиғиниш ва қабила худоларига сиғиниш. Бу ерда тилга олинган диний онгнинг барча шакллари бевосита қабилага хос муносабатда бўлиб, қабила тузумининг инъикосидир. Ёки, аксинча, қабила тузуми ўз мавжудлигини маънавий асослаш мақсадида уларни ўзига мувофиқлаштиради.