ЭРТАКЛАРНИ ИЖРО ЭТИШ ТАРТИБИ ВА ЭРТАКЧИЛИК АНЪАНАЛАРИ

  Дилмурод Ашуров (Наманган, Ўзбекистон) |    Завантажити статтю

Эртак халқ оғзаки ижодидаги бадиий насрнинг энг қадимий ва оммавий намунаси ҳисобланади. Эртаклар профессионал ижрочиликка асосланган жанр ҳисобланади. Ўтмишда эртаклар йилнинг маълум даврида, белгиланган пайтда ижрочилик салоҳиятига эга бўлган ёши улуғ, доно, ҳурматли ва эътиборли кишилар томонидан айтилган. Эртак айтувчиларни қадимда «эртакчи», «маталчи» деб аташган. Одатда, бундай профессионал ижрочилар эртакчи деб юритилади. Халқ эртак айтмоқликка жиддий қараган. Эпик турнинг достон, эртак, нақл сингари жанрларига оид фолклор асарлари муайян эпик хотира, эпик билим ва ижрочилик салоҳиятига, яъни махсус тайёргарликка эга бўлган профессионал ижрочилар томонидан айтилади. Афсона ва ривоятларнинг бундай ижрочилари йўқ. афсона ва ривоятлар эса кенг халқ оммаси томонидан ижро этилади. Профессионал айтувчига эга бўлмаслик афсона жанрининг ўзига хос хусусиятларидан бири эканлигини қайд қилган К.Имомов «афсонани фақат профессионал эртакчи ёки достончи айтиши шарт эмас, балки эшитган, билган шахс хоҳлаган формада ҳикоя қила олади», - деб ёзган эди [1]. Фолклоршунос У.Жуманазаров «профессионал айтувчиларга эга бўлмаслик, кенг оммавий ижро характерига эга бўлиш хусусияти афсона ва ривоят жанрларининг муҳим белгиси эканлигини қайд қилади [2]. Эртаклар мана шу хусусиятларига кўра афсона ва ривоятлардан фарқланади.