ХХ АСРНИНГ 20–30 ЙИЛЛАРИДА ЎЗБЕКИСТОН МАТБУОТИДА МАДАНИЙ МЕРОС ОБЪЕКТЛАРИГА БЎЛГАН МУНОСАБАТ МАСАЛАСИ

  Мансур Махмудов (Наманган, Ўзбекистон) |    Завантажити статтю

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан сўнг тарих фанининг асосий вазифаларидан бири сифатида “ўзбек халқи ва унинг давлатчилиги тарихи, ўзбек халқи этногенези, маданий мероси ҳамда ушбу муоммолар бўйча археалогик ва барча турдаги ёзма манбалар тадқиқотлари натижаларини жамлаш, ҳар томонлама илмий-қиёсий таҳлил қилиш” вазифалари белгиланди. Дархақиқат, тарихни бирламчи манбалар асосида ўрганиш жамият ҳаётида узоқ ўтмишда содир бўлган жараёнларни холисона баҳолашда, хаққоний талқин этишда мухим аҳамиятга эга. Шу ўринда Туркистоннинг XIX аср охири – ХХ аср бошидаги тарихини ёритишда ўша давр матбуоти муҳим манба сифатида алоҳида этиборга лойиқдир. Зеро, даврий матбуот янги тарихий даврда пайдо бўлган манбалардан бири сифатида ўша замондаги барча жараёнларни ўзида акс эттирган мухим маълумотлар турлича қарашларни мужассамлаштирган бу давр матбуоти газеталар, журналлар, илмий жамиятларнинг нашрларидан иборат бўлиб, улар орасида газеталар алоҳида ўрин тутган. Газета сўзи италянча “газзетта” сўзидан олинган бўлиб, “чақа” деган маънони билдиради. Газеталар кундалик жараёнлар, бўлаётган воқеалар тўғрисидаги маълумотларни тезкорлик билан кичикроқ хажмдаги нашрлар сифатида эълон қилса, ойлик журналларда умумлаштирувчи маълумотлар муоммовий ва таҳлилий характерга эга бўлган мақолалар чоп этилган.