ЭМОЦИОНАЛ ЖАРАЁНЛАРНИНГ УМУМИЙ ХАРАКТЕРИСТКАСИ

  Ўғилой Шукурова (Гулистан, Узбекистан) |    Завантажити статтю

Ҳиссиёт ёки туйғу - эмоция шахс руҳий ҳаётининг шундай томоники, бунда ташқи таъсиротнинг характери ва шахснинг унга бўлган муносабатлари ифодаланади. Баъзи предметлар, воқеалар, харакатлар шахсни қувонтиради, ҳузур бағишлайди, хурсанд қилади. Баъзи предметлар эса шахсни хафа қилади, қахр-ғазабини қўзғайди, беҳузур қилади. Ташқи таъсиротнинг характерига (ижобий ёки салбийлигига) қараб шахс унга нисбатан ўзининг муносабатини билдиради. Ташқи таъсиротнинг ёқимли томонлари шахсда ижобий муносабатларни вужудга келтиради. Маза килиш, қойил қилиш, ҳузур-ҳаловат, севинч, қувонч, хурсандчилик каби ҳолатлар ижобий муносабатнинг кўринишларидир. Ташқи таъсиротнинг нохуш, ёқимсиз томонлари шахсда салбий муносабатларни пайдо қилади ғазабланиш, ранжиш, хафалик, қўрқиш, беҳузур бўлиш кабилар салбий муносабатнинг кўринишидир. Шахс ўзининг кундалик фаолиятида турли-туман ҳиссий холатларни бошдан кечиради. Агар у хавф остида бўлса. қўрқувни ҳис қилади, муваффақиятга эришса, завқланади, интилиш ва харакатлари тўғри, унумли рўёбга чиқса, қувонади, руҳи кўтарилади. Демак, шахсда турли ҳис-туйғуларнинг вужудга келиш манбаи унинг эҳтиёжлари, натижалари ва истакларидир.