Мусиқа маданиятимиз тарихнинг ривожланиш жараёнида ўзининг ранг-баранг жанрларига бойиди ва кишилар ҳаётининг ажралмас бир бўлаги сифатида авлоддан-авлодга ўтди ва бизгача етиб келди. Мусиқанинг инсонга таъсири ва унинг тарбиявий аҳамияти ҳақида эрамиздан олдинги IV асрдаёқ грек файлосуфи Платон шундай деган эди: «Энг катта тарбиявий омил мусиқий санъатдир. Зероки, агар тарбия тўғри йўлга қўйилган бўлса, ритм ва гармония қалбга ҳаммадан чуқур йўл топади ва салобат бахш этади, уни кўркам қилади, акс ҳолда, унинг тескариси бўлиб чиқади». Унинг шогирди Аристотел /Арасту/ бу фикрни қувватлаб: «Мусиқа киши руҳининг ахлоқий томонига маълум даражада таъсир этади, бас шундай экан, у ёшларни тарбиялайдиган предметлардан бири бўлиб хизмат қилмоғи лозим » дейди.