ИНТЕРНЕТДАГИ АХБОРОТ ТАХДИДЛАРИНИ ЁШЛАР ТАРБИЯСИГА ТАЪСИРИ

  Акбаржон Душаев (Гулистан, Узбекистан) |    Завантажити статтю

Мамлакатимизда ахборот соҳасини тезлик билан ривожлантириш, унинг кўлами ва имкониятларини ўстириш, давлат ва жамият ҳаётидаги турли хил йўналишларда кенг татбиқ этиш бугунги кун учун энг муҳим масалалардан биридир. Бугун инсоният ахборот асри, мафкуравий тўқнашувлар кучайган, Президент Ислом Каримов таъбири билан айтганда, “маълум бир давлатлар ва сиёсий кучларнинг манфаатларига хизмат қиладиган, турли маъно-мазмундаги мафкуравий кучларнинг таъсири” доимий равишда сезилиб турган даврда яшаётган экан, бу аҳолининг барча қатламлари, айниқса, ёшлар онгида мафкуравий бўшлиқ пайдо бўлишига йўл қўймаслик, ташқи ғоявий таъсир ва хуружлардан мустаҳкам иммунитетни шакллантиришга алоҳида аҳамият беришини тақозо қилмоқда. Чунки “Биз бугун ён-атрофимизда, айтиш мумкинки, бутун дунёда нотинчлик, қарама-қаршилик ва кескин зиддиятлар рўй бераётган ўта мураккаб бир замонда яшаяпмиз. Шундай таҳликали вазиятни эътиборга оладиган бўлсак,...юртимизнинг тинчлиги, халқимизнинг ҳамжиҳатлигини ҳар томонлама асраш ва мустаҳкамлаш, доимо сергак, сезгир ва ҳушёр бўлиб яшашимизни бугун ҳаётнинг ўзи талаб қилмоқда” 1.