ТОЖИК ТИЛИ ШЕВАЛАРИДАГИ ЎЗБЕКЧА ЎЗЛАШМАЛАР ҲАҚИДА МУЛОҲОЗАЛАР

  Шаҳриёр Жўраев (Самарқанд, Узбекистан) |    Завантажити статтю

Маълумки, ўзбек ва тожик халқлари қадимдан бир заминда яшаб келади. Шу боис ҳам улар шу даражада аралаш-қуралаш бўлиб кетганки, қайси бири тожик ёки ўзбек эканлигини англаб олиш қийин. Республикамизнинг Фарғона, Зарафшон, Тошкент, Қашқадарё ва Сурхондарё сингари водийларнинг кўпгина туманларида икки халқ вакилларининг бир манзилда дўст-иноқ бўлиб яшаётганлигининг гувоҳи бўлишимиз мумкин. . Ўзбек ва тожик халқларининг доимий мулоқоти туфайли уларнинг луғат бойлиги таҳлили Алишер Навоий томонидан бошлаб берилган қиёсий типологик метод асосида тадқиқ этиш ишлари А.К.Боровков, В.С.Расторгуева, Ҳ.Ғуломов, М.Мирзаев, Н.Шаропов, К. Юсупов, Э.Шодиев, Д.Ишондадаев сингари олимлар томонидан самарали равишда давом эттирилган. Аммо ҳалигача икки халқ ўртасидаги лисоний алоқалар тўлиқ ўрганилган дея олмаймиз. Хусусан икки тил шевалари вакиллари нутқида ўзлашмалар тадқиқотчилар эътиборидан четда қолиб келмоқда.