МАҲАЛЛИЙ ИЖРОИЯ ОРГАНЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШДА БОШҚАРУВ ҚАРОРЛАРИНИНГ ЎРНИ

  Мақсад Исабаев (Наманган, Ўзбекистон) |    Скачать статью

Маълумки, давлат ҳокимияти қонунчилик, ижроия ва суд ҳокимиятига бўлинади. Бунда бошқа ҳокимият органлари қатори ижро этувчи ҳокимиятнинг ҳам аҳамияти муҳимдир. Ижроия ҳокимият бир томондан ҳуқуқий ҳужжатларни амалга оширишни, иккинчи томондан эса бевосита сиёсий бошқарувни амалга оширишни мақсад қилиб қўяди. У режалаштириш, қарорлар қабул қилиш, қарорларни амалга ошириш, бажариш, назорат этиш ҳамда хизмат кўрсатиш каби муҳим соҳаларни ўз ичига олади. Айтишимиз мумкинки, ижро этувчи ҳокимият тизими жуда кенг доирада яъни ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида фаолият юритади. Бугунги кунда мамлакатимизда ижроия ҳокимият органларининг иш йўсини тубдан ўзгарди: улар режалаштириш ва тақсимлаш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, кўпроқ иқтисодий сиёсатни мувофиқлаштириш билан шуғулланиб, қонун доирасида фаолият кўрсатмоқда. Тугатилган вазирликлар ўрнида бозор шароитларига улардан кўра тезроқ мослашадиган хўжалик бирлашмалари, уюшмалар, корпорациялар, холдинг компаниялари вужудга келди.