КИЧИК МАКТАБ ЁШИДАГИ ЎҚУВЧИЛАРДА ЭКОЛОГИК МАДАНИЯТНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

  Гулчеҳра Каримова, Мирзавали Қўчқаров |    Скачать статью

Бошланғич таълим ёшидаги ўқувчиларда ҳам атроф-муҳитдаги табиий ҳодисаларга муносабат ва уларга масъулият ҳисси куртаклари мавжудки, бинобарин уларни ривожлантириш талаб этилади. Мазкур ёшдаги ўқувчиларнинг фикрлаши ва ҳиссиётининг юқорилиги уларда биргаликда қайғуриш, кечаётган ҳодисаларга мансублик ҳиссини келтириб чиқаради. Шу сабабли ўқувчиларда атроф-муҳит ҳодисалари ва одамларнинг хатти-ҳаракатига қизиқишини илк ўқувчилик давридан уйғотиш ва уларга нисбатан ижобий муносабатни шакллантириш талаб этилади. Бошланғич синф ўқувчилари шахсида экологик маданиятни шакллантириш “муносабат“ “масъуллик“ни тарбиялашда намоён бўлади. Бундай муносабат инсониятнинг, ҳусусан айрим одамларнинг билиб, билмай, узоқни ўйламай табиатга кўрсатган салбий таъсири оқибатини англаш ва бундай таъсирни бартараф этиш истаги юзага келиши натижасидагина шаклланади.