ХОРИЖИЙ ТИЛЛАРНИ ЎҚИТИШДА МАҚОЛЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ

  Гулвира Джангирова (Ташкент, Узбекистан) |    Скачать статью

Ҳар бир халқ асрлар давомида ўзидан кейинги авлодга жуда катта ҳаётий (маънавий) бойликлар қолдиради. Бундай бебаҳо бойлик машаққатли меҳнат, катта ҳаётий тажрибалар маҳсули бўлиб, авлоддан-авлодга мақол, матал ва турли иборалар билан бойиб боради. Мақол ва маталларда нақл ва барқарор ибораларда халқнинг ҳаётий муаммолари, меҳнат ва машаққати, ғам-андуҳи, роҳат-фароғати, муваффақият ва мағлубияти, расм-русумлари акс этиб туради. Халқнинг тил бойлиги: унинг бўёқдор, сержило лексикасининг, фразеология қатламининг бойлиги билан ҳам ўлчанади. Халқимиз асрлар давомида яратган ва ҳозир ҳам яратаётган минглаб, ўн минглаб ажойиб мақол, маталлар ва иборалар оғиздан-оғизга, авлоддан-авлодга ўтиб юрибди, айримлари ҳатто ҳали қоғозга туширилганича ҳам йўқ. Улар замонлар оша тобора сайқалланади, пишади, мазмуни теранлашади.