ЎСМИРЛИК ДАВРИДА ЎЗИНИ ЎЗИ НАЗОРАТ ҚИЛИШНИНГ ИНДИВИДУАЛ-ТИПОЛОГИК ХУСУСИЯТЛАРИ

  У. Орипова (Ташкент Ўзбекистон ) |    Download article

Ўсмирлик даврида ўзини ўзи назорат қилишнинг намоён бўлиши шахснинг индивидуал хусусиятларидан темперамент ва унинг реактивлик, ригидлик сифатлари, эмоционал ҳолатлардан хавотирланиш билан боғлиқлигини ўрганиш тадқиқотда кўзланган вазифалардан бири эди. Индивидуал-психологик хусусиятлар деганда шахснинг уни бошқалардан ажратиб турувчи ўзига хос жиҳатлар тушунилади. Шунга мувофиқ ўсмирлар ўқув фаолияти жараёнида индивидуал ёндашувни қўллаш икки муҳим илмий муаммони ҳал этишни талаб қилади. Улардан бири айнан қайси индивидуал - психологик хусусиятлар самарали таълим олишга таъсир этади, деган масала билан боғлиқ муаммодир. Чунки шундай индивидуал - психологик хусусиятлар борки, уларнинг айримлари муваффақиятли таълимни таъминласа, айримлари унга тўсқинлик қилади. Биринчи муаммони ҳал этиш учун у ёки бу индивидуал - психологик хусусиятларнинг психологик моҳиятини очиб бериш даркор. Иккинчи масала биринчисининг мантиқий давоми бўлиб, бунда муваффақиятли таълимга таъсир этувчи индивидуал - психологик хусусиятларни ривожлантириш ёки уларни коррекциялаш дастурини ишлаб чиқиш масаласи кун тартибига чиқади. Тадқиқотлардан маълум бўлишича, шахс тузилиши ҳақидаги қарашларда тафовутлар мавжуд бўлган тадқиқотчиларнинг фикрларига кўра, муваффақиятли таълимга индивидуал - психологик хусусиятлар ўз таъсирини ўтказар экан. Бу жараёнда етакчи ролни шахс йўналганлиги ва характер хусусиятлари бажаради. Ушбу фикрни В.Л.Маришук ҳам қўллаб-қувватлаб шахс йўналганлиги унинг нафақат муваффақиятли таълим олишига, балки касбий фаолиятига ҳам таъсир этади, дейди [2, с 9]. Унинг тадқиқотларида кўрсатилишича, касбий сифатлар, айниқса, психик, психомотор, жисмоний сифатларнинг паст даражада бўлиши касбий фаолиятга тўсқинлик қилади. Умуман олганда, шахснинг касбий фаолиятида бундай хусусиятлар марказий ўринга эга бўлиб, бу борада пайдо бўлган салбий ҳолатлар шахснинг касбий шаклланишига у ёки бу тарзда таъсир этади.