ЎЗБЕК ТИЛИДАГИ ТУБ СЎЗЛАР ВА УЛАРНИНГ ФОНОЛОГИК СТРУКУРАСИДАГИ МУАММОЛАР ТАЛҚИНИ

  Ф.Шодиев, Ш.Жўраев (Самарқанд, Ўзбекистон) |    Download article

Жаҳон лингвистларнинг қизиқиши ва ҳайратига сабаб бўлиб келаётган табиий ҳодисалардан бири туркий тиллардаги унлилар уйғунлигини сингармонизм қонуниятига мос келишидир. Бу қонуният ўзбекча фонемаларни ҳам четлаб ўтмаган. Ана шундай фонемаларимиздан бири «ў»га ва у иштирок этган сўзларнинг фаолиятига бир назар ташлайлик. «Ў» фонемали туб сўзлар ҳосиласини текшириш учун, аввало мазкур фонеманинг ўзига тўхталиб ўтиш жоиздир. Ҳозирги ўзбек адабий тилининг шўро давридаги қабул қилинган ва ҳамон ўзгартирилмаган расмий қонуниятига кўра «ў» бир қанот, ўрта кенг, лабланган, орқа қатор унли фонемадир. Аслида-чи? Ғ.Абдурахмонов ва А.Рустамовларнинг қайд этишларича: «Қадимги туркий тилда саккизта унли фонема бўлиб (демак, «ў» фонемаси ҳам азалдан олд қатор ва орқа қатор икки фонема – Ф.Ш), улар бир-биридан қатори, тор-кенглиги, лабланиш-лабланмаслигига кўра фарқ қилади».