БАДИИЙ АСАРЛАРДА ФРАЗЕЛОГИЗМЛАР ТАРЖИМАСИ МАСАЛАСИ

  Фил.ф.н., доцент Шухратхон Имяминова (Тошкент, Ўзбекистон) Ўқитувчи Нилуфат Ачилова (Тошкент, Ўзбекистон) Филологические науки (Актуальные проблемы перевода)  |    Download article

Таржима – лисоний, адабий эстетик ҳодиса, сўз санъати демакдир, таржимон эса ижодкордир. Таржиманинг бош ҳоссаси унинг бошқа тил воситалари билан қайта яратишдан иборат ижодий жараён, сўз санъати эканлигидадир. Масалан, балет ҳам санъат, аммо сўз санъати эмас, у ерда умуман нутқ иштирок этмайди. Авторнинг муддаоси, асарнинг ғояси, балеринанинг маҳорати – булар ҳаммаси мусиқа, рақс, ҳаракатлар билан ифода этилади. Тасвирий санъатнинг асосий қуроли бўёқ, санъаткорнинг дастури – мўйқаламдир. Бинобарин, балет, тасвирий санъат обидаси, мусиқа асари, ҳайкалтарошлик намунаси ва ҳоказоларни бир тилдан бошқа тилларга «таржима қилиш» ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Сўзнинг фикрни ифодалаш хусусияти, таъсир қувватига асосланган санъат соҳасигагина таржимани татбиқ этиш мумкин.