ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ФАОЛИЯТ КЎРСАТАЁТГАН МУЗЕЙЛАР ТАРИХИДАН (НАМАНГАН ВИЛОЯТИ МИСОЛИДА )

  З.У. Ҳайдаров, Б. Б. Инатуллаев (Наманган, Узбекистон)  |    Download article

ХХ асрнинг сўнги ўн йиллигида Ўзбекистон Республикасида янги жамият қуриш иши янада ривожланиб, мустақиллик деб аталмиш ижтимоий адолат сари интилишнинг амалий натижаси юртимизда қарор топди. Жамият аъзолари қалби, тафаккури ва тасаввурида янгича қарашлар пайдо бўлди. Эркинлик, демократия ва адолат ижтимоий ҳаётнинг барча бўғинларида намоён бўла бошлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримов таъбири билан айтганда, “Ҳар биримиздан дунё қарашимиз, онгу тафаккуримизни, сиёсий ва хуқуқий савиямизни юксалтириш, ён-атрофимизда бўлаётган воқеаларга дахлдорлик туйғуларини янада кучайтириш, юрт – мен учун ягона Ватан, унинг бошидан кечираётган қувонч ва ташвишлари – менинг қувонч ва туйғуларим, деб шундай ҳиссиёт билан яшашни талаб қилади![1]. Мустақиллик шароитида жамиятдаги янги ўзгаришларни амалга ошириш жараёнида, жамият аъзолари эркин, демократик тафаккур ва миллий ғоя руҳида тарбиялаш вазифаларини бажаришда музейларнинг аҳамияти каттадир.