АЖРАТИЛГАН БЎЛАКЛАРНИНГ БАДИИЙ МАТНДА ҚЎЛЛАНИЛИШ ХУСУСИЯТЛАРИ

  О.С. Юсупова (Самарқанд, Ўзбекистон)  |    Download article

Тил ва нутқ бир-бири билан шу даражада мустаҳкам боғланганки, фикр ифодасида тил воситаларисиз мақсадга эришиб бўлмагани каби, тил воситалари ҳам ўзидаги яширин имкониятларни нутқий жараёнсиз юзага чиқариши мушкул. Инсон онгида кечаётган тафаккур жараёни ҳамиша фикр ва ҳис-туйғу ифодасида энг аниқ воситаларни ишга солишга йўналтирилади. Бу жараёнда инсон онгида тушунча ҳолатида мавжуд бўлган сўзлар ҳамма вақт ҳам нутқий эҳтиёжни қондира олмаслиги мумкин. Шундай пайтларда тилдаги қўшимча воситалар ҳамда усуллардан фойдаланишга талаб ортади ва бунда матн шаклланишига хизмат қиладиган синтактик майдон ғоят муҳим ўрин тутади. Бу майдон имкониятларининг кенглиги унинг таркибидаги тил бирликларини ўрнини алмаштириб қўллаш, зарур ўринларда муайян бўлакни ажратиб, алоҳида урғу билан талаффуз қилиш ва бошқа усулларни қўллаш билан изоҳланади.