ЎЗБЕКИСТОН ВА ХИТОЙ ИҚТИСОДИЙ ҲАМКОРЛИГИНИНГ РИВОЖЛАНИШ КЎРСАТКИЧЛАРИ

  Гайрат Бердиев, Бобур Янгибоев (Гулистан, Узбекистан)м |    Download article

Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳамкорлик савдо, иқтисодиёт, сармоя, энергетика каби кўплаб соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги алоқалар Дўстлик, ҳамкорлик ва шериклик муносабатлари тўғрисидаги шартнома, Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация ҳамда Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш ҳақидаги қўшма декларация руҳида барча соҳаларда ривожланмоқда. Хитой мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлари орасида етакчи ўринни эгаллайди. 2011 йилда таъсис этилган Ўзбекистон — Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитаси савдо-иқтисодий ва сармоявий, энергетика, нефть-газ, транспорт ва илмий-техникавий алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон билан Хитой ўртасида иқтисодий соҳада энг кўп қулайлик яратиш тартиби амал қилмоқда. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми муттасил ўсиб бораётир. Юртимизда Хитойнинг етмишдан зиёд компанияси ваколатхонаси ишлаб турибди.