ОИЛАДА ҚИЗЛАР ТАРБИЯСИ

  Эъзозхон Сиддиқова (Наманган, Узбекистан) |    Download article

Ҳозирги даврда таълим-тарбия жамиятнинг ижтимоий иқтисодий ривожланишида устувор йўналиш касб этмоқда. Иқтисодий ва маданий жиҳатидан ривожланган мамлакатлар тажрибасидан маълумки, болалари камолга эришган давлатлар тараққиётида бу омил ўзига хос ўрин тутади. Бу ерда шахс камолоти даврнинг ҳар бир босқичига, айниқса энг биринчи оилада бериладиган тарбия алоҳида аҳамиятга эга. Кейинги йилларда таълим соҳасида ўтказилган ислоҳoтлар натижасида таълим тизимининг барча бўғинлари учун Давлат стандартлари жорий қилинди. Бу стандартларни амалга ошириш жараёнида “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” да белгиланган вазифалар босқичма-босқич амалиётга тадбиқ этилмоқда; оила, мактабгача таълимдан бошлаб, бошланғич, умумий ўрта таълим, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар, баколаврият, миллий маънавий бойликларни сингдириш, замонавий талаблар ва тажрибалар асосида таълим-тарбия бериш амалга оширилмоқда. Шахс маънавиятини тарбиялаш ва ривожлантириш энг аввало оиладан бошланади ва мактабда давом эттирилади. Дарвоқе, мактаб билан оила ўртасида узвий алоқа ўрнатилиб, сўнгра оиланинг ўрта махсус ва олий ўқув юрти, маҳалла ва меҳнат жамоаси билан ўзаро ҳамкорлиги таркиб топа бошлайди.